
“Банклар ва финтех–2025” (Қозоғистон) форумида HUMO миллий тўлов тизими ўз ютуқ ва истиқболлари билан ўртоқлашди.
HUMO миллий тўлов тизими “Банклар ва финтех–2025” I Марказий Осиё молия-банк форумининг иштирокчиси бўлди ва Ўзбекистоннинг инвестиция имкониятлари ҳамда тўлов хизматларини рақамлаштиришга бағишланган стратегик сессия доирасида маъруза қилди.
“HUMO экотизимини ривожлантириш: ютуқлар ва истиқболлар” мавзусида “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO оператори) бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи М.М. Мухитдинов асосий тақдимот билан чиқиш қилди. У ўз нутқида HUMOнинг миллий тўлов тизимидан глобал молиявий жараёнларга қўшилган минтақавий технологик платформага айланиш босқичларини санаб ўтди. Бугунги кунда HUMO ўзида банклар, чакана савдо, финтех компаниялари ва фойдаланувчиларни бирлаштирган кенг кўламли рақамли экотизимни ифодалайди.
HUMOнинг халқаро кенгайишига алоҳида эътибор қаратилди: тизим Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Туркия, Арманистон ва Ҳиндистон билан тўлов интеграциясини фаол ривожлантирмоқда. Бу қадамлар HUMOнинг Марказий Осиёдаги асосий технологик ва ҳисоб-китоб марказига айланиш бўйича улкан режаларини тасдиқлайди.
“HUMO – шунчаки тўлов тизими эмас, балки банкинг, финтех ва давлатни боғловчи инновацион платформадир. Мақсадимиз – минтақанинг рақамли интеграциясини таъминлайдиган ва келажак муаммоларига тайёр бўлган очиқ, кенгаядиган ва барқарор экотизимни яратишдир”, – деди Мақсад Муҳитдинов.
HUMOнинг форумдаги иштироки унинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё тўлов инфратузилмасининг рақамли трансформациясидаги ўрнини таъкидлади. Компания очиқ API, халқаро мувофиқлик ва инновацион технологик ечимларни фаол тарғиб қилмоқда. Шунингдек, маърузачи ўз нутқида HUMO компаниясининг 6 йилдаги ажойиб натижалари билан ўртоқлашди ва келгуси ривожланиш режаларини эълон қилди.

