Размер шрифта: A A
Цвет сайта: A A A A

HUMO миллий тўлов тизими ва Туризм қўмитаси саъй-ҳаракатларни бирлаштирмоқда

HUMO миллий тўлов тизими ва Туризм қўмитаси саъй-ҳаракатларни бирлаштирмоқда
27 Nov 2026 10:22

HUMO миллий тўлов тизими ва Туризм қўмитаси Ўзбекистон туризм инфратузилмасини рақамлаштириш йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштирмоқда


2026 йил 25 ноябрь, Тошкент. HUMO миллий тўлов тизими ва Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ўртасида замонавий тўлов инфратузилмасини ривожлантириш, туристик хизматлар учун нақд пулсиз тўлов имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


Имзолаш маросими Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган «Ипак йўлида туризм» (TITF 2026) 31-Тошкент халқаро туристик ярмаркаси ҳамда Туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтди.

Ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов ва HUMO Бошқаруви раиси Александр Сотников имзолади.


Ҳамкорликнинг асосий мақсади — сайёҳларга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат давомида товарлар ва хизматлар учун қулай ҳамда хавфсиз тарзда ҳақ тўлаш имконини берувчи замонавий ва барча учун қулай тўлов инфратузилмасини ривожлантиришдан иборат.

Меморандум доирасида томонлар бир қатор стратегик аҳамиятга эга йўналишларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Улардан бири тижорат банклари билан ҳамкорликда HUMO тўлов тизими базасида сайёҳлар учун махсус банк карталарини ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқишдан иборат. Бундай ечимлар хорижий меҳмонларнинг кундалик тўловларини соддалаштириш ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

HUMO тўлов воситалари ва хизматларини Ягона миллий туристик платформа билан интеграция қилиш имкониятига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бу истиқболда меҳмонхоналарда яшаш, транспорт хизматлари, экскурсиялар, маданий мерос объектларига ташриф буюриш ҳамда бошқа туристик хизматлар учун рақамли тўловларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ҳамкорлик, шунингдек, меҳмонхоналар, ресторанлар, савдо нуқталари ва туристик объектларда, жумладан, мамлакат ҳудудларида нақд пулсиз тўлов инфратузилмасини ривожлантиришни ҳам назарда тутади.

Технологик ташаббуслардан ташқари, томонлар рақамли тўлов хизматларини оммалаштириш, ахборот алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда туризм соҳаси иштирокчилари учун ахборот-маърифий тадбирларни ташкил этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб боришни режалаштирмоқда.


Замонавий тўловлар — мамлакатнинг туристик жозибадорлигини оширишдаги муҳим омил

«Бугунги кунда мамлакатнинг туристик жозибадорлиги нафақат унинг тарихий мероси, диққатга сазовор масканлари ва хизмат кўрсатиш сифати, балки рақамли инфратузилманинг ривожланганлик даражаси билан ҳам белгиланади. Замонавий сайёҳ учун пойтахтда ёки мамлакатнинг туристик ҳудудларидан бирида бўлишидан қатъи назар, товарлар ва хизматлар учун тезкор, хавфсиз ҳамда ўзига одатий бўлган усулда тўловни амалга ошириш имконияти муҳим аҳамиятга эга.

HUMO учун Туризм қўмитаси билан ҳамкорлик миллий тўлов инфратузилмасини ривожлантириш ва унинг халқаро имкониятларини кенгайтириш стратегиямизнинг муҳим қисми ҳисобланади. Биз Ўзбекистонни хорижий меҳмонлар учун янада қулай мамлакатга айлантирадиган ҳамда маҳаллий бизнес учун қўшимча имкониятлар яратадиган ечимларни ишлаб чиқишга интилмоқдамиз.

Бизнинг вазифамиз — замонавий тўлов технологиялари сайёҳлик тажрибасининг табиий қисмига айланишига эришиш, шунингдек, Ўзбекистон нафақат бой маданий мероси, балки рақамли хизмат кўрсатишнинг юқори даражаси билан ҳам танилишига ҳисса қўшишдан иборат», — деди HUMO Бошқаруви раиси Александр Сотников.


Сайёҳлар ва бизнес учун янги имкониятлар

Барча учун қулай тўлов инфратузилмасини ривожлантириш сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиш, туристик хизматлар учун тўловларни соддалаштириш ҳамда тадбиркорларнинг хорижий мижозларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Бу, айниқса, Ўзбекистоннинг туристик ҳудудлари учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, нақд пулсиз тўловлар тизимининг ривожланиши хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва замонавий рақамли муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.


Меморандумнинг имзоланиши HUMOнинг халқаро интеграция ва миллий тўлов инфратузилмасини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

HUMO миллий тўлов тизими ва Туризм қўмитаси саъй-ҳаракатларининг бирлаштирилиши замонавий молиявий ечимларни жорий этиш, туризм соҳасини рақамлаштириш ҳамда Ўзбекистоннинг қулай ва технологик жиҳатдан ривожланган туристик йўналиш сифатидаги жозибадорлигини ошириш учун замин яратади.


Аниқ лойиҳалар, уларни амалга ошириш муддатлари ва ҳамкорликнинг техник шартлари томонлар томонидан кейинги қўшма ишлар давомида белгиланади.


Расмий веб-сайт: humocard.uz

Facebook: fb.com/humocard

Instagram: @humo_card

Telegram: t.me/humoofficial

Youtube: @humo_card

Linkedin: linkedin.com/humocarduz

 

/ Манба: кўрсатилмаган / Кўришлар: 1
Ҳозир сайтда:
рўйҳатдан ўтганлар - 0
меҳмонлар - ҳеч ким
Охирги янгиланиш: 27 November 2026, 10:44 (GMT+5)

Матнда хатоликни кўрдингизми? Сичқонча билан белгиланг ва босинг CTRL + ENTER
Сайт яратувчиси
Сайт 1C-Битриксда ишлайди®
www.pixelcraft.uz
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech